Оммавай оферта
ОММАВИЙ ОФЕРТА
маҳсулотни масофадан туриб сотиш тўғрисида
Мазкур ҳужжат Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 369-моддасига мувофиқ оммавий оферта ҳисобланади (бундан буён матнда – «ЎзР ФК») ва EVOS® бренди остида фаолият юритувчи «MAK FOOD SERVIS» Масъулияти Чекланган Жамияти (бундан буён матнда – «Сотувчи») билан мазкур офертани қабул қилган шахс (бундан буён матнда – «Харидор») ўртасида шартнома тузиш шартларини ўз ичига олади.
Мазкур оферта EVOS® маҳсулотларини масофадан туриб сотиш, Буюртмаларни расмийлаштириш, тўлаш ва қабул қилиш, шунингдек маҳсулотни ўзи олиб кетиш билан боғлиқ муносабатларни тартибга солади.
Етказиб бериш хизмати Харидорга бевосита Етказиб берувчи томонидан, яъни ўзини-ўзи банд қилган шахс сифатида фаолият юритувчи жисмоний шахс томонидан, EVOS® рақамли платформаларида жойлаштирилган Етказиб бериш хизматини кўрсатиш бўйича Оммавий офертада белгиланган алоҳида шартнома асосида кўрсатилади. Етказиб бериш билан Буюртма расмийлаштирилганда, Харидор иккита мустақил шартнома тузади: мазкур оферта шартларида Сотувчи билан маҳсулотни олди-сотди шартномасини ҳамда Етказиб бериш хизматини кўрсатиш бўйича Оммавий оферта шартларида Етказиб берувчи билан етказиб бериш хизмати кўрсатиш шартномасини.
Харидор томонидан қуйидаги ҳаракатлардан бир ёки бир нечтасини амалга ошириши мазкур оферта акцепти деб ҳисобланади: EVOS® рақамли платформалари орқали Буюртма расмийлаштириш, телефон орқали Буюртма бериш, EVOS мобил иловасида рўйхатдан ўтиш, Буюртмани тўлаш ёки Сотувчи хизматларидан фойдаланиш ниятини билдирувчи бошқа ҳаракат.
Мазкур оферта акцептини амалга ошириш билан Харидор унинг шартлари, маҳсулотни сотиш, тўлаш, қайтариш шартлари, Махфийлик сиёсати, EVOS® рақамли платформаларининг Фойдаланувчи келишуви билан, етказиб бериш билан Буюртма расмийлаштирилганда эса - шунингдек Етказиб бериш хизматини кўрсатиш бўйича Оммавий оферта билан тўлиқ танишганини тасдиқлайди.
EVOS® рақамли платформаларидаги маҳсулот тасвирлари маълумот характерига эга бўлиб, ранг, шакл, ҳажм, сервировка таркиби ва қадоқлашни ўз ичига олган ҳолда маҳсулотнинг ҳақиқий ташқи кўринишидан фарқ қилиши мумкин.
1. АТАМАЛАР ВА ТАЪРИФЛАР
1.1. EVOS® - «MAK FOOD SERVIS» МЧЖ маҳсулот сотиш ва мижозларга хизмат кўрсатиш бўйича фаолият юритадиган бренд.
1.2. Сотувчи - «MAK FOOD SERVIS» МЧЖ, шунингдек EVOS® тармоғи доирасида, жумладан франчайзинг тармоғи орқали EVOS® бренди остида маҳсулотни реализация қилувчи бошқа шахс, агар бундай шахс тўғрисидаги маълумотлар EVOS® рақамли платформаларида жойлаштирилган бўлса.
1.3. Харидор - Буюртма расмийлаштирган ва (ёки) мазкур оферта шартлари асосида шартнома тузган тўлиқ муомала лаёқатига эга жисмоний шахс ёки юридик шахс вакили.
1.4. Маҳсулот - EVOS® рақамли платформаларида тақдим этилган ва (ёки) EVOS® тармоғи филиалларида мавжуд бўлган таомлар, ичимликлар, товарлар ва бошқа маҳсулотлар.
1.5. Буюртма - Харидорнинг маҳсулотни олиш усулини (етказиб бериш ёки ўзи олиб кетиш) кўрсатган ҳолда маҳсулот сотиб олиш тўғрисида тегишли тартибда расмийлаштирилган сўрови.
1.6. EVOS® рақамли платформалари - Android ва iOS учун EVOS мижозлар мобил иловалари, EVOS Telegram-боти, веб-сайт https://www.evos.uz/, буюртма сайти, ўз-ўзига хизмат кўрсатиш киоскалари, шунингдек Буюртмаларни расмийлаштириш ва Харидорларни хабардор қилиш учун фойдаланиладиган бошқа EVOS® рақамли каналлари.
1.7. Буюртма сайти - Буюртмаларни расмийлаштириш учун мўлжалланган EVOS® рақамли ресурси бўлиб, шу жумладан https://zakaz.evos.uz/ сайти ёки EVOS® рақамли платформаларида кўрсатилган бошқа долзарб ресурсни ўз ичига олади.
1.8. Етказиб бериш хизмати - маҳсулотни EVOS® тармоғи филиалидан Харидор кўрсатган манзилга олиб бориш ва маҳсулотни Харидорга топшириш хизмати. Етказиб бериш хизмати Етказиб берувчи томонидан ўз номидан кўрсатилади ва мазкур офертанинг предметига кирмайди.
1.9. Етказиб берувчи - ўзини-ўзи банд қилган шахс сифатида фаолият юритувчи, Етказиб бериш хизматини кўрсатиш бўйича Оммавий оферта шартларида Харидорга ушбу хизматни ўз номидан кўрсатувчи ва реализация қилувчи жисмоний шахс.
1.10. Етказиб бериш оператори – «BEST DELIVERY» МЧЖ, Етказиб берувчилар номидан ва топшириғига биноан Етказиб бериш хизматини кўрсатиш бўйича Оммавий офертани жойлаштирувчи ҳамда етказиб беришнинг ташкилий-техник ва ҳисоб-китоб хизматини таъминловчи. Етказиб бериш оператори тўғрисидаги маълумотлар, жумладан унинг номи, манзили ва реквизитлари Етказиб бериш хизматини кўрсатиш бўйича Оммавий офертада келтирилган.
1.11. Етказиб бериш хизматини кўрсатиш бўйича Оммавий оферта - EVOS® рақамли платформаларида жойлаштирилган, Етказиб бериш хизматини кўрсатиш шартларини белгиловчи оммавий оферта.
1.12. EVOS® рақамли платформаларининг Фойдаланувчи келишуви - EVOS® рақамли платформаларидан фойдаланиш ва Харидор ҳисоб ёзувини яратиш тартибини белгиловчи Сотувчи ҳужжати.
2. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР
2.1. Мазкур оферта EVOS® рақамли платформаларида жойлаштириладиган Сотувчининг расмий ҳужжати ҳисобланади.
2.2. Сотувчи ва Харидор мазкур оферта шартларида шартнома тузиш ва уни бажариш учун зарур бўлган ҳуқуқ ва муомала лаёқатига эга эканликларини тасдиқлайдилар.
2.3. Харидор Буюртма расмийлаштиришдан олдин мустақил равишда мазкур оферта, амалдаги нархлар, маҳсулот таркиби, тўлов шартлари, қайтариш ва алмаштириш шартлари, Махфийлик сиёсати ва EVOS® рақамли платформаларининг Фойдаланувчи келишуви билан, етказиб бериш билан Буюртма расмийлаштирилганда эса - шунингдек Етказиб бериш хизматини кўрсатиш бўйича Оммавий оферта, етказиб бериш зонаси ва Етказиб бериш хизмати қиймати билан танишиши шарт.
2.4. Буюртмани расмийлаштириш Харидорнинг барча тегишли шартлар билан танишганлиги ва уларга розилик билдирганлигини тасдиқлашини англатади.
2.5. Сотувчи мазкур офертани, маҳсулотни сотиш ва тўлаш шартларини бир томонлама тартибда ўзгартиришга ҳақли.
2.6. Офертанинг амалдаги таҳрири EVOS® рақамли платформаларида жойлаштирилади. Ўзгартиришлар янги таҳрир эълон қилингунга қадар расмийлаштирилган Буюртмаларга нисбатан қўлланилмайди. Янги таҳрир эълон қилингандан кейин EVOS® рақамли платформаларидан фойдаланишни давом эттириш, Буюртма расмийлаштириш Харидорнинг ўзгартиришларга розилигини англатади.
2.7. Содиқлик дастури, бонус тўловлари, промокодлар, купонлар, акциялар, комбо ва бошқа маркетинг таклифлари шартлари ушбу оферта билан тартибга солинмайди ва Сотувчининг EVOS® Рақамли платформаларида жойлаштириладиган алоҳида ҳужжати билан белгиланади..
2.8. Мазкур оферта Етказиб бериш хизматини кўрсатиш бўйича Оммавий оферта шартларини ўзгартирмайди ва тўлдирмайди. Мазкур оферта билан Етказиб бериш хизматини кўрсатиш бўйича Оммавий оферта ўртасида Етказиб бериш хизматини кўрсатишга оид қисмда зиддият юзага келган тақдирда, Етказиб бериш хизматини кўрсатиш бўйича Оммавий оферта қўлланилади.3. ШАРТНОМА ПРЕДМЕТИ
3.1. Сотувчи Харидорга расмийлаштирилган Буюртмага мос келадиган маҳсулотни топшириш мажбуриятини олади, Харидор эса ушбу офертада назарда тутилган тартиб ва шартларда маҳсулотни тўлаш ва қабул қилиш мажбуриятини олади.
3.2. Етказиб бериш хизматларини кўрсатиш ушбу офертанинг предметига кирмайди. Сотувчи Етказиб бериш хизматини кўрсатмайди, сотмайди ёки қайта сотмайди, Етказиб бериш хизматини кўрсатиш шартномасининг тарафи ҳисобланмайди ва Етказиб бериш хизматини реализация қилишдан даромад олмайди.
3.3. Сотувчи EVOS® Рақамли платформаларида Буюртмани расмийлаштиришда етказиб беришни расмийлаштиришнинг техник имкониятини таъминлайди, шунингдек маҳсулотни кейинчалик Харидорга топшириш учун Етказиб бериш Ижрочисига топширади.
3.4. Маҳсулотга эгалик ҳуқуқи Харидорга маҳсулот амалда топширилган пайтдан бошлаб ёки Буюртмани етказиб бериш манзили бўйича қабул қилган шахсга, Буюртма учун тўлов амалга оширилган тақдирда ўтади.
3.5. Маҳсулотнинг тасодифан нобуд бўлиши, йўқолиши ёки шикастланиши хавфи маҳсулот Харидорга ёки етказиб бериш манзилида Буюртмани қабул қилган шахсга фактик топширилган пайтдан бошлаб Харидорга ўтади. Маҳсулотнинг сақланиши ва қадоқнинг бутлигига доир жавобгарликни, маҳсулот Сотувчидан олинган пайтдан то у Харидорга топширилган пайтгача, Етказиб бериш хизматини кўрсатиш бўйича Оммавий офертага мувофиқ Етказиб берувчи ўз зиммасига олади.
4. ОФЕРТА АКЦЕПТИ ВА ШАРТНОМА ТУЗИЛГАН ПАЙТ
4.1. Мазкур оферта шартларидаги шартнома қуйидаги ҳолларда тузилган ҳисобланади:
4.1.1. нақд пул билан тўлашда - Сотувчи Харидорнинг маҳсулот сотиб олиш нияти тўғрисидаги хабарини олган ва Буюртмани тасдиқлаган пайтдан;
4.1.2. нақд пулсиз тўлашда - Буюртманинг тўлов тизими орқали муваффақиятли тўланганлиги тасдиқланган пайтдан;
4.2. Етказиб бериш билан Буюртмани тасдиқлаш мазкур оферта акцепти билан бир қаторда Етказиб бериш хизматини кўрсатиш бўйича Оммавий оферта акцепти ҳисобланади.
4.3. Акцепт тўғрисидаги маълумотлар Харидорнинг талабига биноан унга тақдим этилади.
4.4. Мазкур оферта акцепти тўлиқ ва сўзсиз ҳисобланади. Бошқа шартлардаги акцепт йўл қўйилмайди.
4.5. Агар Харидор томонидан Буюртма расмийлаштирилган, тўлов амалга оширилган ёки EVOS мобил иловасида рўйхатдан ўтилган бўлса, у мазкур оферта шартларини билмаганлигига асосланишга ҳақли эмас.
5. БУЮРТМАНИ РАСМИЙЛАШТИРИШ
5.1. Буюртма телефон орқали, EVOS® рақамли платформалари орқали, буюртма сайти орқали, EVOS мобил иловасида, Telegram-ботда, ўз-ўзига хизмат кўрсатиш киоскаларида ва Буюртма расмийлаштирилаётган пайтда мавжуд бўлган бошқа усулларда расмийлаштирилиши мумкин.
5.2. Буюртма расмийлаштирилаётганда Харидор Харидорни идентификация қилиш, Буюртмани тасдиқлаш, маҳсулотни топшириш, Харидор билан боғланиш ва шартномани бажариш учун зарур бўлган ишончли маълумотларни тақдим этиши шарт.
5.3. Бундай маълумотларга: фамилия, исм, отасининг исми, телефон рақами, етказиб бериш манзили, геолокация, Буюртма тўғрисидаги маълумотлар, тўлов усули ва Буюртмани бажариш учун зарур бўлган бошқа маълумотлар киритилиши мумкин.
5.4. Харидор тақдим этилган маълумотларнинг, жумладан етказиб бериш манзили, телефон рақами, геолокация, Буюртмага изоҳлар ва танланган тўлов усулининг ишончлилиги ва тўғрилиги учун жавобгар бўлади.
5.5. Харидор нотўғри маълумотлар ёки нотўғри геолокацияни кўрсатиши оқибатида юзага келган маҳсулотни топшириш имконсизлиги, кечикиш ёки бошқа оқибатлар учун Сотувчи жавобгар бўлмайди.
5.6. Буюртма телефон орқали расмийлаштирилаётганда, Сотувчи Буюртмани расмийлаштириш, мажбуриятларни бажариш, хизмат кўрсатиш сифатини баҳолаш ва баҳсли вазиятларни ҳал қилиш мақсадида Харидор билан телефон суҳбатининг аудиоёзувини амалга оширишга ҳақли.
5.7. EVOS® рақамли платформалари орқали Буюртма расмийлаштирилаётганда, Харидор EVOS® рақамли платформаларининг Фойдаланувчи келишувида назарда тутилган тартибда ҳисоб ёзуви яратиши мумкин.
5.8. Сотувчи Буюртмани фақат Буюртма расмийлаштирилаётган пайтда мавжуд бўлган маҳсулотга нисбатан бажаришга ҳақли.
5.9. Агар Сотувчида зарур миқдор ёки маҳсулот ассортименти мавжуд бўлмаса, Сотувчи Буюртмани ўзгартиришни келишиш учун Харидор билан боғланишга ёки уни бажариш имконсиз бўлганда Буюртмани бекор қилишга ҳақли. Етказиб бериш билан Буюртма бекор қилинганда, тўланган Етказиб бериш хизмати қиймати Харидорга тўлиқ қайтарилади.
5.10. Сотувчи техник носозликлар, ингредиентларнинг мавжуд эмаслиги, юқори юкланиш, етказиб бериш зонасига оид чекловлар, Буюртмаларни бажариш имконсизлиги ёки хизмат кўрсатиш имкониятига таъсир қилувчи бошқа ҳолатлар юзага келганда Буюртмаларни қабул қилишни тўлиқ ёки қисман тўхтатиб туришга ҳақли.
5.11. Нақд пулсиз тўловда, Сотувчи билан бошқача келишилмаган бўлса, Харидор муваффақиятли тўловдан сўнг Буюртмани ўзгартиришга ҳақли эмас.
5.12. Харидор Буюртма тўлов тизими орқали муваффақиятли тўлангандан сўнг тўлов усулини ўзгартиришга ҳақли эмас.
5.13. Агар Буюртма нақд пулсиз тўлов усули билан расмийлаштирилган бўлса-ю, Харидор 4 (тўрт) дақиқа 59 (эллик тўққиз) сония давомида ёки EVOS® рақамли платформаси белгилаган бошқа муддат ичида тўловни амалга оширмаса, Буюртма автоматик равишда бекор қилиниши мумкин.
5.14. Такрорий равишда Буюртма бериб, кейин бекор қилиш, сохта Буюртмалар, маҳсулотни қабул қилишдан бош тортиш ёки бошқа суистеъмол ҳаракатлари содир этилган тақдирда, Сотувчи тегишли телефон рақами, ҳисоб ёзуви ёки фойдаланувчи учун Буюртма бериш имкониятини чеклаш, тўхтатиб туриш ёки блоклашга ҳақли.
6. МАҲСУЛОТНИ ОЛИШ: ЕТКАЗИБ БЕРИШ ВА ЎЗИ ОЛИБ КЕТИШ
6.1. Ўзи олиб кетиш
6.1.1. Агар тегишли EVOS® рақамли платформасида ва (ёки) танланган филиалда бундай имконият мавжуд бўлса, Харидор маҳсулотни ўзи олиб кетишни танлашга ҳақли.
6.1.2. Ўзи олиб кетишда маҳсулот Харидорга EVOS® тармоғи филиалида, EVOS® рақамли платформаларида кўрсатилган иш тартибига мувофиқ топширилади.
6.2. Етказиб бериш
6.2.1. Етказиб бериш хизмати Харидорга Етказиб бериш хизматини кўрсатиш бўйича Оммавий оферта шартларида Етказиб берувчи томонидан кўрсатилади. Етказиб бериш хизматини кўрсатиш шартлари, жумладан етказиб бериш муддатини белгилаш тартиби, маҳсулотни топшириш жойи, Етказиб берувчини жавобгарликдан озод қилиш асослари ва Етказиб бериш хизмати қийматини қайтариш тартиби кўрсатилган оферта билан белгиланади.
6.2.2. Сотувчи Буюртма расмийлаштирилаётганда етказиб беришни расмийлаштириш имконини таъминлайди ва маҳсулотни Етказиб берувчига топширади. Сотувчининг мазкур оферта бўйича мажбуриятлари маҳсулот расмийлаштирилган Буюртмага мос ҳолатда Етказиб берувчига топширилган пайтдан бажарилган ҳисобланади.
6.2.3. Етказиб бериш фақат етказиб бериш зонасига киритилган манзиллар бўйича амалга оширилади. Етказиб бериш зонасига кирмайдиган манзиллар бўйича Буюртмалар қабул қилинмаслиги ёки бекор қилиниши мумкин.
6.2.4. Етказиб бериш EVOS® рақамли платформаларида кўрсатилган тегишли EVOS® тармоғи филиалининг иш тартибига мувофиқ амалга оширилади.
6.2.5. Етказиб бериш хизматининг қиймати Буюртма расмийлаштирилаётган пайтда белгиланади ва EVOS® рақамли платформасида кўрсатилади ёки Буюртма телефон орқали расмийлаштирилаётганда Харидорга маълум қилинади.
6.2.6. Тахминий етказиб бериш муддати Буюртма расмийлаштирилаётганда кўрсатилади. Етказиб беришнинг чекланган вақти, уни белгилаш тартиби ва уни бузиш оқибатлари Етказиб бериш хизматини кўрсатиш бўйича Оммавий оферта билан белгиланади.
6.2.7. Агар маҳсулот Харидорнинг айби билан унга топширилмаган бўлса, Харидор Буюртмани қабул қилишдан ва (ёки) тўлашдан бош тортганда, сохта чақирувда ёки хизматдан суистеъмол қилинганда, Сотувчи Харидорнинг ҳисоб ёзуви, логини ёки абонент телефон рақамини чеклаш ёки блоклашга ҳақли.
6.2.8. Харидор жавобгар бўлган ҳолатлар туфайли маҳсулотни топшириш имконсиз бўлганда Етказиб берувчининг маҳсулотни топширишдан бош тортиш асослари ва тартиби, шунингдек Буюртма расмийлаштирилгандан сўнг етказиб бериш манзилини ўзгартириш шартлари Етказиб бериш хизматини кўрсатиш бўйича Оммавий оферта билан белгиланади.
7. ТЎЛОВ
7.1. Маҳсулот нархлари Сотувчи томонидан бир томонлама тартибда белгиланади ва EVOS® рақамли платформаларида кўрсатилади.
7.2. Харидорнинг Буюртмасида тасдиқланган маҳсулот нархи, Тарафларнинг келишуви бўйича Буюртма таркиби ўзгартирилган ҳоллар бундан мустасно, Буюртма тасдиқлангандан сўнг ўзгартирилмайди.
7.3. Тўлов Ўзбекистон Республикаси сўмида амалга оширилади.
7.4. Мавжуд тўлов усулларига қуйидагилар киритилиши мумкин:
7.4.1. Етказиб берувчига ёки EVOS® тармоғи филиалида нақд пулда тўлаш;
7.4.2. банк картаси орқали тўлаш;
7.4.3. электрон тўлов тизимлари орқали тўлаш;
7.4.4. Буюртма расмийлаштирилаётган пайтда EVOS® рақамли платформаларида мавжуд бўлган бошқа тўлов усуллари.
7.5. Етказиб бериш билан Буюртма расмийлаштирилганда, Харидорга маҳсулот қиймати ва Етказиб бериш хизмати қиймати алоҳида кўрсатилган ягона чек шакллантирилади. Чекнинг Етказиб бериш хизмати қийматига оид қисмида тегишли сумма фойдасига қабул қилинган шахс сифатида Етказиб берувчининг жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами (ЖШШИР) кўрсатилади.
7.6. Етказиб бериш хизмати қиймати Етказиб берувчига тегишли бўлади.
7.7. Нақд пулда тўлашда Харидор Етказиб берувчига маҳсулот қиймати ва Етказиб бериш хизмати қийматини ўз ичига олган суммани топширади.
7.8. Буюртмани бевосита Харидорга топшириш имконсиз бўлганда, агар бундай топшириш Буюртма ҳолатларига зид бўлмаса, Буюртма кўрсатилган етказиб бериш манзилида бўлган, Буюртма тўғрисида маълумот беришга ва Буюртмани тўлиқ тўлашга тайёр бўлган шахсга топширилиши мумкин.
7.9. Харидорнинг тўлов бўйича мажбуриятлари пул маблағлари тегишли қисмларда Сотувчи ва Етказиб берувчига тушган пайтдан ёки Харидорнинг тўлов воситасидан пул маблағлари ечиб олинганлиги тасдиқланган пайтдан бажарилган ҳисобланади.
7.10. Агар Буюртма етказиб берилгандан сўнг Харидор Буюртмани нақд пулда тўлай олмаса, Харидорга мавжуд тўлов тизимлари орқали тўлаш таклиф қилиниши мумкин.
8. МАҲСУЛОТ СИФАТИГА ДОИР ҚАЙТАРИШ, АЛМАШТИРИШ ВА ДАЪВОЛАР
8.1. Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида ёки Сотувчининг махсус шартларида бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, тегишли сифатли маҳсулотни қайтариш ва алмаштиришга йўл қўйилмайди.
8.2. Сотувчи Харидорга расмийлаштирилган Буюртмага, шунингдек шартнома тузилаётганда ва маҳсулот топширилаётганда Харидорга етказилган маҳсулот тўғрисидаги маълумотга мос маҳсулотни топшириши шарт.
8.3. Маҳсулотни қабул қилиб олишда Харидор Буюртмага мослигини, комплектлилигини, маҳсулот ва қадоқнинг ташқи кўринишини текшириши шарт.
8.4. Сифатсиз, комплектсиз ёки Буюртмага мос келмайдиган маҳсулот олинган тақдирда, Харидор маҳсулотни олиш пайтининг ўзида Колл-марказ телефонига ёки EVOS® рақамли платформалари орқали мурожаат этиб, маҳсулотни тегишли сифатли маҳсулотга алмаштиришни талаб қилишга ҳақли.
8.5. 8.4-бандда кўрсатилган муддат умумий овқатланиш маҳсулотининг ўзига хос истеъмол хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда белгиланган бўлиб, маҳсулотни одатдаги қабул қилиш жараёнида аниқланиши мумкин бўлган камчиликларга тегишлидир.
8.6. Сотувчи маҳсулот Харидорга топширилгандан сўнг нотўғри сақлаш, ташиш, қайта иситиш, ўз вақтида истеъмол қилмаслик ёки Харидор ёхуд учинчи шахсларнинг бошқа ҳаракатлари туфайли юзага келган маҳсулот сифатининг ёмонлашуви учун жавобгар бўлмайди.
8.7. Етказиб бериш муддатининг бузилиши, маҳсулотни топшириш жойи, Етказиб берувчининг хатти-ҳаракати ёки етказиб бериш даврида маҳсулотнинг сақланиши билан боғлиқ даъволар Етказиб бериш хизматини кўрсатиш бўйича Оммавий офертада белгиланган тартибда кўриб чиқилади. Харидор бундай даъвони Колл-марказ орқали юборишга ҳақли; бундай ҳолда у кўриб чиқиш учун Етказиб бериш операторига узатилади.
9. ШАХСИЙ МАЪЛУМОТЛАР
9.1. Мазкур офертани қабул қилиш билан Харидор Буюртмаларни расмийлаштириш ва бажариш, маҳсулотни топшириш, Буюртмалар ва маркетинг фаолияти тўғрисида хабардор қилиш, хизмат сифатини яхшилаш, мурожаатларни кўриб чиқиш ва баҳсли вазиятларни ҳал қилиш мақсадларида ўзининг шахсий маълумотларини қайта ишлашга Сотувчига розилик беради.
9.2. Сотувчи қайта ишлайдиган шахсий маълумотларга: фамилия, исм, отасининг исми, туғилган сана, телефон рақами, етказиб бериш манзили, геолокация, Буюртмалар тўғрисидаги маълумотлар, тўловни тасдиқлаш учун зарур ҳажмдаги тўлов маълумотлари, шунингдек Харидор томонидан тақдим этилган бошқа маълумотлар киритилиши мумкин.
9.3. Шахсий маълумотларни қайта ишлаш йиғиш, тизимлаштириш, тўплаш, сақлаш, аниқлаштириш, янгилаш, ўзгартириш, фойдаланиш, узатиш, бекор қилиш, йўқ қилиш, шунингдек Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида назарда тутилган бошқа ҳаракатларни ўз ичига олади.
9.4. Етказиб бериш билан Буюртма расмийлаштирилганда, Сотувчи Етказиб бериш операторига Етказиб бериш хизматини кўрсатиш учун зарур бўлган маълумотларни узатади: Харидорнинг исми, телефон рақами, етказиб бериш манзили, геолокация, Буюртма таркиби ва қиймати, тўлов усули ва Буюртмага изоҳ. Етказиб бериш оператори кўрсатилган маълумотларни тегишли Буюртмани бажариш топширилган Етказиб берувчига узатади.
9.5. Етказиб берувчи Етказиб бериш хизматини кўрсатиш учун зарур ҳажмда Харидорнинг шахсий маълумотлари бўйича мустақил оператор ҳисобланади ва уларни қайта ишлаш учун мустақил жавобгар бўлади. Харидорнинг шахсий маълумотларини Етказиб бериш оператори ва Етказиб берувчи томонидан қайта ишлаш тартиби Етказиб бериш хизматини кўрсатиш бўйича Оммавий оферта билан белгиланади.
9.6. 9.4-бандда назарда тутилган ҳолдан ташқари, Сотувчи тўловларни қайта ишлаш, EVOS® рақамли платформаларининг фаолият юритиши ва қонунчилик талабларини бажариш учун зарур ҳажмда Харидорнинг шахсий маълумотларини тўлов ташкилотларига, техник пудратчиларга, рақамли платформа операторларига ва бошқа шахсларга узатишга ҳақли.
9.7. Сотувчи Харидорнинг шахсий маълумотлари махфийлигини таъминлаш ҳамда уларни ноқонуний фойдаланиш, нусхалаш, тарқатиш ва бошқа ноқонуний ҳаракатлардан ҳимоя қилиш бўйича зарур чораларни кўради.
9.8. Харидор Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида назарда тутилган ҳоллар ва тартибда, Сотувчига телефон орқали ёки бошқа расмий EVOS® алоқа каналлари орқали мурожаат этиб, ўзининг шахсий маълумотлари тўғрисида ахборот сўрашга, уларни аниқлаштиришни, ўзгартиришни ёки ўчиришни талаб қилишга ҳақли.
9.9. Харидор ўз маълумотларини учинчи шахсларга берган ёки учинчи шахслар унинг ҳисоб ёзуви ёхуд телефон рақамидан фойдаланган тақдирда, Харидор бундай шахсларнинг ҳаракатлари ва уларнинг оқибатлари учун жавобгар бўлади.
10. ТАРАФЛАРНИНГ ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ
10.1. Сотувчи ҳуқуқлидир:
10.1.1. мазкур офертада назарда тутилган ҳолларда Буюртмаларни қабул қилиш, тасдиқлаш, Харидор билан келишган ҳолда ўзгартириш ёки бекор қилиш;
10.1.2. ассортимент, нархлар ва тўлов усулларини ўзгартириш;
10.1.3. Харидорга Буюртма, унинг таркиби, қайта ишлаш ҳолати, тайёрлиги, топширилиши, тўлови ва Буюртмани бажаришнинг бошқа ҳолатлари тўғрисида хизмат хабарларини юбориш;
10.1.4. агар қонунчиликка кўра бундай розилик талаб қилинса, Харидорнинг розилиги мавжуд бўлганда унга рекламавий ва маркетинг хабарларини юбориш;
10.1.5. Буюртмани тасдиқлаш, маркетинг тадқиқотлари ўтказиш, хизмат сифатини таҳлил қилиш ва можаро вазиятларини ҳал қилиш мақсадида Харидорга қўнғироқ қилиш;
10.1.6. мазкур оферта шартлари бузилганда, хизматдан суистеъмол қилинганда, сохта Буюртмалар берилганда, ишончсиз маълумотлар тақдим этилганда ёки бошқа виждонсиз ҳаракатлар содир этилганда Харидорнинг Буюртма расмийлаштириш имкониятини чеклаш ёки блоклаш.
10.2. Сотувчи мажбур:
10.2.1. тасдиқланган Буюртмага мувофиқ тўланган маҳсулотни Харидорга топшириш ёки кейинчалик Харидорга топшириш учун уни Етказиб берувчига бериш;
10.2.2. Харидорга маҳсулот, нарх, тўлов усуллари, Етказиб бериш хизмати қиймати ва Буюртманинг бошқа муҳим шартлари тўғрисида маълумот бериш;
10.2.3. етказиб бериш билан Буюртма расмийлаштирилаётганда Харидорга Етказиб бериш хизматини кўрсатиш бўйича Оммавий офертага киришни таъминлаш;
10.2.4. Харидорнинг мурожаат ва даъволарини қонунчилик ва мазкур офертада назарда тутилган тартибда кўриб чиқиш, Етказиб бериш хизматига тегишли даъволарни эса - Етказиб бериш операторига узатиш;
10.2.5. Харидорнинг шахсий маълумотлари махфийлигини Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ таъминлаш.
10.3. Харидор ҳуқуқлидир:
10.3.1. маҳсулот, нарх, Етказиб бериш хизмати қиймати ва тўлов усуллари тўғрисида маълумот олиш;
10.3.2. Буюртмани мавжуд усулда расмийлаштириш;
10.3.3. агар тегишли алоқа канали бундай имкониятни назарда тутса, рекламавий ва маркетинг хабарларидан воз кечиш;
10.3.4. EVOS® расмий алоқа каналлари орқали Сотувчига савол, шикоят ва таклифлар билан мурожаат қилиш.
10.4. Харидор мажбур:
10.4.1. Буюртма расмийлаштиришдан олдин мазкур оферта шартлари билан, етказиб бериш билан Буюртма расмийлаштирилганда эса - шунингдек Етказиб бериш хизматини кўрсатиш бўйича Оммавий оферта билан танишиш;
10.4.2. Буюртмани расмийлаштириш ва бажариш учун зарур бўлган ишончли маълумотларни тақдим этиш;
10.4.3. Буюртмани танланган тўлов усулида тўлиқ тўлаш;
10.4.4. Буюртмани келишилган жойда ва келишилган вақтда қабул қилиш;
10.4.5. EVOS® рақамли платформаларидан фойдаланиш шартларига риоя қилиш;
10.4.6. хизматдан суистеъмол қилиш, асоссиз манфаат олиш, техник чекловларни четлаб ўтиш ёки Сотувчи ва учинчи шахсларнинг ҳуқуқларини бузишга қаратилган ҳаракатларни содир этмаслик.
11. ТАРАФЛАРНИНГ ЖАВОБГАРЛИГИ ВА НИЗОЛАРНИ ҲАЛ ҚИЛИШ ТАРТИБИ
11.1. Мазкур оферта бўйича мажбуриятларни бажармаганлик ёки лозим даражада бажармаганлик учун Тарафлар Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ жавобгар бўладилар.
11.2. Сотувчи маҳсулот Харидорга ёки Етказиб берувчига топширилаётган пайтда маҳсулотнинг расмийлаштирилган Буюртмага мослиги, унинг сифати, хавфсизлиги, комплектлилиги ва у ҳақидаги маълумотнинг ишончлилиги учун жавобгар бўлади.
11.3. Сотувчи етказиб бериш муддатига риоя қилиш, маҳсулотни топшириш жойи, Етказиб берувчининг хатти-ҳаракати ва етказиб бериш даврида маҳсулотнинг сақланиши учун жавобгар бўлмайди. Кўрсатилган жавобгарлик Етказиб бериш хизматини кўрсатиш бўйича Оммавий офертага мувофиқ Етказиб берувчи зиммасида бўлади.
11.4. Сотувчи Буюртманинг нотўғри расмийлаштирилиши, ишончсиз шахсий маълумотлар кўрсатилиши, нотўғри етказиб бериш манзили, нотўғри геолокация, Харидорнинг етказиб бериш манзилида бўлмаслиги, Буюртмани қабул қилишдан бош тортиш ёки Харидорнинг бошқа ҳаракатлари ёхуд ҳаракатсизлиги оқибатида юзага келган зарарлар учун жавобгар бўлмайди.
11.5. Сотувчи маҳсулот Харидорга топширилгандан сўнг уни лозим даражада ишлатмаслик, сақламаслик, ташимаслик ёки истеъмол қилмаслик оқибатида Харидорга етказилган зарар учун жавобгар бўлмайди.
11.6. Харидор тақдим этилган маълумотларнинг ишончлилиги, ўз телефон рақами ва ҳисоб ёзувига киришнинг сақланиши учун тўлиқ жавобгар бўлади.
11.7. EVOS® рақамли платформаларида жойлаштирилган барча матний маълумотлар, график тасвирлар, товар белгилари, фирма номлари, дизайн элементлари, фотосуратлар ва бошқа материаллар қонуний ҳуқуқ эгасига эга. Кўрсатилган материаллардан ноқонуний фойдаланиш тақиқланади ва Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади.
11.8. Тарафлар барча низо ва келишмовчиликларни музокаралар йўли билан ва (ёки) даъво тартибида ҳал қилишга интиладилар.
11.9. Низони музокаралар йўли билан ҳал қилиш имконсиз бўлган тақдирда, Тарафлар Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида белгиланган тартибда ўз ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш учун ваколатли давлат органларига ёки судга мурожаат қилишга ҳақли.
12. ФОРС-МАЖОР
12.1. Агар мажбуриятларнинг бажарилмаслиги енгиб бўлмас куч ҳолатлари туфайли юзага келган бўлса, Тарафлар мазкур оферта бўйича мажбуриятларни тўлиқ ёки қисман бажармаганлик учун жавобгарликдан озод қилинадилар.
12.2. Енгиб бўлмас куч ҳолатларига Тарафлар оқилона воситалар билан олдиндан кўра олмаган ёки олдини ола олмаган фавқулодда ва мазкур шароитларда бартараф этиб бўлмайдиган ҳолатлар, жумладан иш ташлашлар, сув тошқинлари, ёнғинлар, зилзилалар, бошқа табиий офатлар, ноқулай об-ҳаво шароити, чанг-тўзон, урушлар, ҳарбий ҳаракатлар, йўл-транспорт ҳодисалари, ҳаракатланиш чекловлари, давлат органлари, маҳаллий бошқарув органлари, ички ишлар органларининг қарорлари ва ҳаракатлари, шунингдек Тарафларнинг оқилона назоратидан ташқарида бўлган бошқа ҳолатлар киради.
12.3. Енгиб бўлмас куч ҳолатлари юзага келганда, мажбуриятларни бажариш муддатлари бундай ҳолатлар ва уларнинг оқибатлари амал қилиш даврига мутаносиб равишда узайтирилади.
13. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР
13.1. Мазкур оферта EVOS® рақамли платформаларида эълон қилинган пайтдан кучга киради ва у бекор қилингунга ёки янги таҳрир билан алмаштирилгунга қадар амал қилади.
13.2. Мазкур офертага барча иловалар ва қўшимчалар, агар улар EVOS® рақамли платформаларида жойлаштирилган бўлса ёки бошқа усулда Харидорга етказилган бўлса, унинг ажралмас қисми ҳисобланади. Етказиб бериш хизматини кўрсатиш бўйича Оммавий оферта мазкур офертанинг қисми ҳисобланмайди ва мустақил шартнома ҳисобланади.
13.3. Мазкур офертанинг қандайдир қоидаси ҳақиқий эмас, ноқонуний ёки бажариб бўлмайдиган деб топилган тақдирда, бу офертанинг қолган қоидаларининг ҳақиқийлиги ва бажарилишига таъсир қилмайди.
13.4. Мазкур оферта билан тартибга солинмаган барча масалаларда Тарафлар Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига асосланадилар.
13.5. Сотувчининг реквизитлари, манзили ва алоқа маълумотлари EVOS® рақамли платформаларида жойлаштирилган ва қуйида кўрсатилган.
Сотувчи:
«MAK FOOD SERVIS» Масъулияти чекланган жамияти
Бренд: EVOS®
СТИР: 301 422 146
Манзил: Тошкент шаҳри, Шайхонтоҳур тумани, Кичик Халқа йўли кўчаси, 29A-уй